«Қўшчинорнинг гул япроғи» : Саид Аҳмад ва Саида Зуннуноваларнинг набираси билан суҳбат
Автор: Xabar.uz
Загружено: 2022-01-01
Просмотров: 1283
Саид Аҳмад ва Саида Зуннунованинг ёрқин хотирасига бағишланади!
*Саида Зуннунованинг Саида исмли набираси.
*Адибанинг 1986 йилда чоп этилган “Гўдак ҳиди” номли китобига 2021 йилда шоиранинг Саида исмли набираси томонидан ёзилган рамзий дастхат ва Дилбар исмли қўғирчоқ...
САИДАХОН ҲОДИЕВА иқтисодчи, тилшунос, йога бўйича мураббия. Тошкент Давлат Иқтисодиёт Университети ҳамда Германиядаги Kassel ва Америкадаги Western Oregon
Университетларида таҳсил олган.
– Саидахон, Сиз, ўзбек адабиётининг икки атоқли намоёндалари, қўшқанот ижодкорлари – Саид Аҳмад ва Саида Зуннунованинг набирасисиз. Нафақат, набиралик риштаси, балки бувингизни исми ила сулоланинг илдизлари Сизда яшамоқда... Яқинларингиз томонидан исмингиз ҳар айтилганида, қалбингизда нелар кечади?
– Ота-онам менга бу исмни бувимдан эсдалик бўлиб қолсин, деб қўйишган. Бувисига ўхшаган ақлли, эсли-ҳушли, яхши бир инсон бўлиб вояга етсин, деган ниятлар ила бувимнинг исми билан мени аташган. “Саида” арабча сўз бўлиб, унинг маъноси “бахтли” дегани. Ота-онам бу исмни менга беришар экан, рамзий маънода менга бахт ҳадя этишган. Мен ўзимни чиндан ҳам бахтли деб ҳисоблайман, чунки бағрим бутун: ота-онам, акам, синглим бор, соғ-саломатман. Тўрт мучалим бутун, ён атрофдаги дунёни кўришга кўзим, нафис куйларни, чиройли сўзларни тинглашга қулоғим, гўзалликни ҳис этишга қодир қалбим бор. Буларнинг барчаси мен учун бахт, чунки бу дунёда қанча-қанча инсонлар шундай имкониятлардан маҳрум. Агар шулар ҳақида ўйласам, ўзимни нақадар бахтли эканлигимни ҳис қиламан.
– Биздаги кайфият, биздаги қарашлар, биздаги туйғулар буви, буваларимиз билан боғлиқ ҳолда кечади. Илдизларимиздан узоқлашиб кетолмаймиз. Бувилар қалби набираларга мерос бўлиб қолади. Бувингиз Саида Зуннунова ижодига назар ташлаганингизда, тасаввурингизда қандай аёл сифатида гавдаланадилар? Қайси сифатлари Сизда мужассам бўлишига интиласиз?
– Бувим жуда покиза, тўғрисўз, ҳақиқатпарвар аёл эди. Бу хислатлар озмунча бўлса-да менга ҳам ўтган, деб умид қиламан. Ҳар ҳолда мен бу хислатларни ўзимда кўришни жуда истардим. Қўлимдан келганича, кучим етганича атрофимдаги инсонларга яхшилик қилишга ҳаракат қиламан. Ўйлайманки, ҳар бир инсоннинг қалбида яхшилик бор. Буни фақат кўра билиш керак. Одам бошқа инсонда қайси хислатларни кўришни истаса, нимани қидирса, ўшани топади. Агар ёмонликни қидирсангиз, ёмонлик, агар одамлардан фақат яхшиликни изласангиз, яхшилик юзага чиқади. Яъни, ҳар бир инсон ўзига нисбатан кўрсатилган ишончни, меҳрни ҳис этса, у ўз-ўзидан яхшилик томон қадам босади. Демак, шу тариқа яхшиларнинг сафи кенгаяди.
– Саида Зуннунова ҳикояларида тасвирлаган аёл қаҳрамонларнинг қайси хос жиҳатларини ҳурмат қиласиз?
– Агар бувимнинг ижодига назар ташласак, бувим, асосан, аёлларнинг ҳаёти, ташвишлари, турмушдаги қийинчиликлари, муаммолари, истаклари ҳақида ҳикоялар, шеър ва қиссалар ёзган. Шу билан бирга оналик бахтини, бекалик бахтини куйлаган.
Аёл қаҳрамонларининг хос жиҳатларига келсак,
Ҳақиқатпарвар аёллар, ўзининг мақсадига фақат тўғри йўлдан борадиган софдил инсонлар.
Улар турмуш ўртоғига, ўзининг севгилисига вафодор аёллар.
Кучли, ҳаётда ўзининг ўрнини топишга интилаётган аёллар.
Шу билан бирга, улар ўзининг нозик латофатини, аёллигини йўқотмаган инсонлар.
Улар нафақат ўз касбида моҳир мутахассис, балки оилада ҳам ўз ўрнини топа олган инсонлар – меҳрибон аёл, меҳрибон она, вафодор турмуш ўртоқ, уй бекаларидир. Яъни, барча гўзал фазилатларни ўзида мужассам қилган аёллар.
– Бувингиз қаламига мансуб “Гўдак ҳиди” номли (ҳикоялар тўплами) китобнинг бизнинг хонадон жавонида алоҳида ўрни бор. Бу китоб ўсмирлик давримдан менинг энг яқин сирдошим. Ундаги ҳикояларда улғайганман ва катта ҳаётнинг кўп саволларига айни шу китобдан жавоб топганман. Айнан “Гўдак ҳиди” ҳикоясини жуда севиб ўқиганман. У асосида суратга олинган “Сени излаб” номли фильм ҳам асарга нисбатан муҳаббатимни оширган. Ҳикоя бир қарашда оддий, лекин бошқа томондан қаралганда, адиба меҳр-муҳаббат туйғусини шу оддийликда моҳирона тасвирлашга эришган. Худдики, бувингиз келажакдаги набираларига муҳаббати рамзи сифатида шу ҳикояни ёзиб кетгандеклар, гўё...
– Агар бувимнинг “Гўдак ҳиди” ҳикоясига тўхталадиган бўлсак, бу ҳикоянинг негизида чуқур бир фалсафа бор. Ҳикояда Шаҳзода исмли бир ёш аёл тасодифан трамвайда Дилбар исмли қизалоқни учратиб қолади. Кутилмаганда, қизча уни “Ойижон”, деб чақиради. Дилбар бегона аёлни ўзининг вафот этган онасига ўхшатиб уни маҳкам қучоқлаб олади ва уни бағридан ҳеч қўйиб юборгиси келмайди. Дилбарнинг отаси ноқулай аҳволга тушиб қолади ва бир амаллаб қизини Шаҳзоданинг бағридан чиқариб, шошилиб трамвайдан тушиб кетади. Бу тасодиф воқеа Шаҳзоданининг ҳаётини ағдар-тўнтар қилиб юборади, у қизчани сира эсидан чиқара олмайди.
Доступные форматы для скачивания:
Скачать видео mp4
-
Информация по загрузке: